Ватанга бахшида умр

15.04.2017


Ватанга бахшида умр

Дунёдаги ҳар бир халқ, ҳар бир миллат тарихида Ватанни севиш, унга садоқат билан хизмат қилиш борасида буюк жасорати, фидойилиги билан ўчмас из қолдирган улуғ зотлар кўп. Бошқача айтганда, ҳар бир куннинг ўз қуёши, офтоби, ҳар бир туннинг ўз ойи, моҳитоби бўлгани каби, ҳар бир халқнинг Яратган улуғ қилган инсонлари, мумтоз сиймолари борлиги ўша халқнинг буюк бахтидир.

Тарих тақозоси билан ҳал қилувчи паллада майдонга чиқадиган, зиммасидаги улкан вазифани шараф билан адо этадиган улкан азму шижоат соҳибларининг ҳаёти ва фаолияти халқ учун, миллат учун фахр-ифтихор манбаи, ватанпарварлик тимсолига айланади. Авлодлар қалбидаги миллий ғурур, шаъну шараф туйғуси ҳар бир юртнинг ана шундай муносиб фарзандлари туфайли юксалиб, камолга етади. Айнан шундай улуғ инсонлар шарофати билан миллат ўзининг улкан миллатлигини, халқ ўзининг қандай қудратли халқ эканини англайди, ягона куч бўлиб майдонга чиқади.

Бу ҳақиқатлар кўпни кўрган, неча минг йиллик тарихи давомида не-не синовларни бошидан ўтказган, мард ва фидойи фарзандларининг садоқати туфайли тарихнинг энг қалтис йўлларидан ҳам ёруғ юз билан ўтган бизнинг халқимизга тўла дахлдордир. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди.

Узоққа бормасдан, мамлакатимизнинг кейинги 25 йиллик мустақиллик даври тарихини кўз ўнгимиздан ўтказайлик. “Чорак аср” деган иборага жо бўладиган шу қисқагина вақт оралиғида халқимиз нақадар оғир ва машаққатли синовлардан ўтди, илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган ютуқларга эришди.

Собиқ мустабид тузум даврида Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз сингари қадимий шаҳарларимиз, гўё бизнинг халқимиз, юртимизга мутлақо алоқаси йўқдек, “Ўрта Осиёнинг тарихий шаҳарлари”, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби алломаларимиз эса “Ўрта осиёлик олимлар” деб аталар, улар ҳақида жуда юзаки, бирёқлама маълумотлар берилар эди. Яъни, эл-юртимиз асрлар мобайнида қўлга киритган тарихий ютуқлар унинг ўзидан имкон қадар сир тутилар, айримлари ноилож тилга олинган тақдирда ҳам асли кимга тегишли экани айтилмасдан, эгасиз қилиб, “Ўрта Осиё” ибораси ортига яширилар эди. Фақат пахта ҳақида гап кетган тақдирдагина, “ўзбек” ва “Ўзбекистон” деган сўзлар тилга олинар эди, холос. Тарихда “Ўрта Осиё” деган давлат бўлмагани ҳаммага аён. Бинобарин, бу иборада “Амир Темур ва темурийлар давлати” бирикмасидаги каби қалбимизда миллий ғурур туйғусини уйғотадиган қудратли ва теран маъно, таъсирчан ҳиссиёт йўқ.

Собиқ Иттифоқ даврида ўзининг узоқ ва қадимий тарихи давомида буюк давлатлар, цивилизациялар яратган хал­қимизни ижодкорлик даҳосидан бутунлай маҳрум этиш, уни фақат пахта етиштиришга, қора меҳнатга ярайдиган куч сифатида кўрсатишдек маккор сиёсат олиб борилар эди. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун шўролар замонида нашр қилинган энциклопедия ва маълумотномалар, дарсликларни варақлаб кўришнинг ўзи кифоя.

Мустақиллик бундай адолатсизликларга бутунлай чек қўйди. Юртимизни, тарихимизни, маданий меросимизни том маънода эгали қилди. Бу бойликларнинг барчасини уларнинг ҳақиқий ижодкори ва бунёдкори бўлган халқимизга қайтарди. Биринчи Президентимиз, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов халқимизнинг ана шундай қонуний ҳақ-ҳуқуқини тиклаш, унинг ҳурматини жо­йига қўйиш мустақилликнинг асосий вазифаси эканини таъкидлаб, бундай деган эди: “Бу юртнинг эгаси бор. Бу юртнинг эгаси — заҳматкаш, олижаноб, кўпни кўрган, иродаси мус­таҳкам, иймони бутун халқимиздир. Эгаси бор юрт ҳеч қачон душманга оёқости бўлмайди”.

Мустақиллик — қанча-қанча аждодларимиз учун армон бўлган улуғ сўз, бизга, бугунги авлодларга насиб этган буюк неъмат, чексиз имконият. Унга эришиш инсондан, халқдан мислсиз жасоратни талаб қилади. Айни вақтда мустақилликни аниқ маъно-мазмун, янги қадрият, тушунча ва тасаввурлар билан тўлдириш, замоннинг ўта мураккаб саволларига жавоб бера оладиган пишиқ-пухта мафкура, амалий ишлар, турли соҳалардаги ютуқлар билан мустаҳкамлаш янада улкан меҳнат, тинимсиз изланиш ва ҳаракатларни талаб этадиган узоқ ва машаққатли жараёндир. Тасаввур қилинг, уларнинг муваффақияти учун бутун масъулиятни зиммасига олган давлат раҳбари ана шу жараёнларни ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқада қалбидан, юрагидан ўтказиб яшайди. Ҳаётининг маъносини ана шу жараёнларнинг элу юртга фойдаси тегадиган натижаларга эришиш, элу юртни рози қилишда деб билади. Ўтмиш, бугунги кун ва келажакни хаёлан бирлаштириб, барчасини бир бутун ҳодиса сифатида таҳлил қилиб, энг тўғри қарорлар қабул қилишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам дунё сиёсатшунослигида буюк ислоҳотчилар ҳақида гап кетганда, аввало, “фидойилик”, “улкан ақл-заковат”, “метин ирода”, “воқеалар ривожини олдиндан кўриш” деган сўзлар, таърифлар тилга олиниши бежиз эмас.

Албатта, улуғ ислоҳотчиларнинг фаолияти, ўз халқи ва Ватанининг бахту саодати йўлида амалга оширган, дунё миқёсида эътироф этилган улкан ишлари ҳақида китоблар ўқиш, филмлар кўриш — бошқача таассурот уйғотади кишида. Айни вақтда шундай улуғ зотлар билан замондош бўлиб, улар бошлаган кенг кўламли ислоҳотларда бевосита иштирок этиб, уларнинг суръати, шиддати, амалий натижаларини ўз кўзимиз билан кўриш, ҳис этиш, улардан илҳомланиш — бу энди бутунлай бошқа бир олам. Бу оламнинг ҳис-туй­ғулари, эсдалик ва хотиралари қалбимизни бир умр ҳаяжонга солиб, бизни янги-янги ўй-фикрлар, мулоҳазаларга, ҳаётий хулосалар чиқаришга, керак бўлса, ҳаёт тарзимиз, маънавий оламимизни бутунлай ўзгартиришга ундайди.

Айниқса, ижод аҳли учун шундай таассуротларга ошно бўлиш, халқнинг уйғониши ва тикланиши, унинг бунёдкорлик қудратини, ҳақиқат ва адолат тантанасини бевосита ўз кўзи билан кўриш — улкан бахт ва шарафдир. Шу маънода, биз — адабиёт, маданият соҳаси вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, барчамизнинг қалбимизда, юрагимизда сўнмас из қолдирган муҳтарам Ислом Каримов билан бир даврда, Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинган ва амалда таъминланган йилларда яшаб, у кишининг раҳнамолигида олиб борилган, таърифига сўз ожиз бўлган буюк ишларга гувоҳ бўлганимиздан доимо фахрланамиз.

Ижодкор инсон учун она юрт, халқ, миллат тақдири, ҳақиқат, адолат, ғурур, шаъну шараф тушунчалари ҳамма замонларда ҳам энг олий идеал, муқаддас туйғулар, оташин илҳом манбаи бўлиб қолади. Биз шундай улуғ туйғулардан илҳомланиб, тарихимиз, бугунги ҳаётимизнинг энг муҳим воқеаларини қалбимизда, шууримизда қайта жонлантириб, гоҳ журъат, гоҳ журъатсизлик билан ижод қилар эканмиз, беихтиёр онгимиз, тасаввуримизда бошқа буюк ватандошларимиз қатори Ислом Каримовнинг муаззам сиймоси ҳам бутун улуғворлиги билан намоён бўлади.

Бу ҳақда фикр юритганда, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг барчамиз, бутун ­халқимиз қалбидаги бу табаррук зотга бўлган самимий меҳр-муҳаббатнинг яққол ифодаси сифатида баён қилинган қуйидаги сўзларини эслаш, таъкидлаш ўринли, деб ўйлайман:«Муҳтарам Ислом Абдуғаниевичнинг босиб ўтган умр йўллари, мустақиллигимизни ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш борасидаги тарихий хизматлари барчамиз учун, шу жумладан, мен учун ҳам энг ёрқин ибрат намунаси ва катта ҳаёт мактаби бўлиб қолади”.

Айниқса, Ислом аканинг халқимиз ва Ватанимизни буюк муҳаббат билан севгани, унинг учун ҳар қадам, ҳар нафасда жонини фидо қилишга ҳам тайёр бўлганларига мустақиллик тарихи давомида неча бор гувоҳ бўлганмиз. Юртбошимизнинг мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртимизнинг дунё миқёсидаги обрў-эътиборини юксалтириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсифакиция қилиш, ҳуқуқий демокрактик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида, бир-биридан мураккаб, илгари тажрибамизда учрамаган кенг кўламли вазифаларни амалга оширишда кўрсатган ташаббуси, куч-ғайрати, тафаккур кенглигини кўриб, буларнинг барчаси бир инсонда мужассам эканига қойил қолар эдик. Энди чуқурроқ ўйлаб, мулоҳаза қиладиган бўлсак, буларнинг ҳаммаси учун айнан Ватанга, халқимизга бўлган буюк муҳаббат куч-қудрат, илҳом, интилиш манбаи бўлиб хизмат қилган экан.

Биринчи Президентимиз ким билан, қайси касб эгаси билан гаплашмасин, мавзунинг, ишнинг негизига теран кириб, шу соҳанинг моҳир устаси сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлар эдилар. Айниқса, мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида оддий одамлар — фермерлар, тадбиркорлар, темир йўлчилар, қурувчилар, ёшлар, кексалар, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари билан учрашганларида, худди ўзи учун қадрдон инсонларни кўргандек, чин дилдан, юракдан суҳбатлашар эдилар. Чунки ҳар бир инсон тимсолида Ватанимизни, халқимизни, унинг тенгсиз бунёдкорлик кучини кўрар эдилар.

Она юртга бўлган чексиз муҳаббат инсон қалбида улуғ мақсадларни ва шу мақсадларга эришиш учун қатъий ирода, интилиш ва шижоатни тарбиялайди. Улуғ мақсадлар одамни янада кучли, маънавий жасоратли қилади.

Ислом Каримовнинг раҳбарлик фаолияти — бу жасорат ва фидойилик билан йўғрилган йўл десак, хато бўлмайди. 1989 йил 25 июнда, Ўзбекистон раҳбари этиб сайланган кундан бор-йўғи бир кун ўтиб, Фарғона вилоятига — жанжал-тўполонлар гирдобида қолган шаҳар ва қишлоқларга дадил кириб бориб, оддий одамларнинг дардига дармон бўлгани у матонатли зотнинг қалбида элу юрт ташвиши билан яшаш, ҳар қандай шароитда ҳам унга садоқат билан хизмат қилиш, қийинчиликлардан қўрқмаслик туйғуси қанчалик юксак эканини кўрсатади. Кейинчалик Ўш, Наманган, Бўка, Паркент воқеалари, Тошкент шаҳри ва Андижондаги даҳшатли террорлик хуружлари, қонли фожиалар пайтида Юртбошимиз кўрсатган жасоратнинг тарихий аҳамиятини бугунги тинч-осойишта, обод ва фаровон ҳаёт неъматларидан баҳраманд бўлиб яшаётган халқимиз яхши билади ва доимо миннатдорлик билан эслайди.

Ўтган асрнинг 80-йиллари иккинчи яримида қизил империянинг даҳшатли қатағон машинасига қарши мардона қарши чиқиб, «пахта иши», «ўзбек иши» деган сохта айбловлар билан қамалган минг-минглаб бегуноҳ инсонларни зулм чангалидан қутқариб қолган раҳбарнинг ҳаракатларини фақат жасорат деган биргина сўз билан ифода этиш ҳақиқатнинг фақат маълум бир қиррасини айтиш, англатиш билан баробардир. Бунинг замирида хўрланган, шаъни, ғурури топталган қанча-қанча инсонлар олдида, бутун халқ, ўтмиш ва келажак олдида ўзининг тарихий миссияси – ижтимоий вазифаси, чинакам Етакчилик масъулиятини чуқур ҳис этиш, дунёни, ўзининг элу юртини, унинг фарзандларини бекаму кўст, мукаммал ҳолда кўриш ва шунга бор вужуди билан интилиш ҳисси мужассам эмасми?

Ҳақиқатан ҳам, мустақилликка эришиб, биз учун дориломон кунлар бошланган паллада бу орзулар янада аниқ ва теран маъно касб этди. “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат”, “Биз ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва кам бўлмаймиз ҳам”, “Фарзандларимиз биздан кўра билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”, деган халқимиз ўртасида шиорга айланиб кетган ҳикматли иборалар ана шу асосда пайдо бўлган эди.

Ислом Каримов барча соҳалар қатори миллий адабиётимиз ривожига ҳам доимо улкан эътибор билан қараб келар эдилар. У киши адабиёт — маънавиятни шакллантирадиган, юксалтирадиган, миллатнинг руҳий-интеллектуал тараққиётини белгилаб берадиган энг муҳим омиллардан бири деб ҳисобларди. Мустақилликдан кейин, озод ва эркин ҳаёт шароитида миллий адабиётимиз қандай ривожланиши, қандай тамойилларни ўзининг бош вазифаси сифатида белгилаб олиши лозим, деган масалалар атрофида турли баҳс-мунозаралар бўлиб ўтган пайтларни яхши эслаймиз. Биринчи Президентимиз “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор”рисоласида миллий адабиётимизнинг ривожланиш йўлларини методик жиҳатдан жуда аниқ-равшан кўрсатиб бердилар. Ушбу рисолада адабиёт ўзига хос сирли олам экани, бу оламга ташқаридан аралашиб бўлмаслиги, яъни у эркин ривожланиши лозимлиги таъкидланди. Айни пайтда адабиёт миллат ва халқ маънавий ҳаётининг ажралмас бир қисми сифатида унинг ҳаётида бўлаётган улкан ижтимоий-сиёсий ўзгаришлардан четда, томошабин бўлиб жим қараб туролмаслиги ҳам алоҳида қайд этилади. Яъни, адабиёт ўзига хос индивидуал ҳодиса бўлиши билан бирга, инсон, халқ, жамият ҳаётини бадиий акс эттирадиган ижтимоий ҳодиса сифатида ҳам катта вазифаларга эга экани, буни эътибордан соқит қилиб бўлмаслиги ҳам уқтирилган эди.

Шу маънода, адабиёт бу — ижодкорнинг кўнглига, фикру хаёлига нима келса, барчасини “менинг услубим — шу” дея қоғозга тушириш эмас, балки инсоният олдидаги бурчини, вазифасини ҳис этган, ҳар бир индивидуал ҳолатни ижтимоий даражага кўтарган ҳолда қалам тебратиш, ижод қилиш, фикрлаш, ­бошқаларни ҳам ўйлаш ва фикр юритишга, ҳаётда фаол бўлишга даъват этиш экани бу рисолада атрофлича ёритиб берилади.

Айнан Биринчи Президентимизнинг ташаббуси билан Абдурауф Фитрат, ­Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний каби ўнлаб мумтоз адиб ва шоирларимизнинг ижодий мероси қайта тикланди, адабиётимизнинг кемтик нуқталари бутланиб, унинг жароҳатларига мал­ҳам кўйилди.

Мустақиллик йилларида бадиий ижод соҳаси вакиллари, жумладан, шоир ва ёзувчилар меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш, уларнинг тиббий, маиший ва дам олиш шароитларини яхшилаш, эндигина адабиёт оламига кириб келаётган ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг биринчи китобини давлат ҳисобидан чоп этиш бўйича ўзига хос самарали тизим яратилди.

Адабиётимизнинг етук дарғалари ­Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Суйима ўаниева каби устоз адибларимиз, шоир ва олимларимиз Ўзбекистон Қаҳрамони олий унвонига сазовор бўлганлари, қанча-қанча устозларимиз, ҳамкасбларимиз давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланганлари — буларнинг барчаси адабиётимизга бўлган юксак эътибор намунасидир. Ана шундай ҳамкасбларимиз орасида менга ҳам “Ўзбекистон халқ шоири” унвонини шахсан Биринчи Президентимизнинг қўлларидан олиш насиб этгани билан доимо фахрланиб яшайман.

Ҳамма соҳалар қатори миллий адабиётимиздаги ўзгариш ва янгиланишларни ҳам диққат билан кузатиб борадиган улуғ Юртбошимиз 2004 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ­газетасида “Огоҳ бўл, дунё!” достонимдан эълон қилинган парчани ўқиган эканлар. Бу ҳақда алоҳида фикр билдириб, достонда мавзу қамровини кенгайтириш, терроризм бутун инсоният бошига тушган глобал миқёсдаги бало эканини янада таъсирчан образлар, шеърий кечинмалар, драматик ҳолатлар орқали кўрсатиш, унинг аҳамиятини янада оширган бўларди, деган таклиф-мулоҳазаларини айтган эканлар. Мен ана шу фикр-мулоҳазалар асосида достонни қайта ёздим. Адабий жамоатчилик, ҳамкасб дўстларим достоннинг қайта ишланган шакли ҳақида яхши муносабат билдиришди. Ана шундай меҳр, эътиборни мен доимо қалбимда сақлаб, Юртбошимизнинг табаррук сиймосини ҳар доим миннатдорлик билан эслайман.

Бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари қатори миллий адабиётимизни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам янги бос­қичда изчил давом эттирилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кейинги чиқишларида бу йўналишдаги долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 январда имзолаган “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши бутун китобхон хал­қимизни, айниқса, биз қалам аҳлини жуда хурсанд қилди.

Ўша кунлари вилоятимиз туманларидан бирида яшаб ижод қилаётган ёзувчиларимиздан бири телефон қилиб, “Янгиликдан хабарингиз борми, табриклайман, бу — жуда зўр бўпти-ку, фармойишни ўқидингизми ўзи?”, деб сўраб қолди. Кейин мамнуният ва ҳаяжон билан мақсадини баён қилди: “Биласизми, янги бир китоб ёзишни режалаштириб юрган эдим. Лекин кўнглимда бир оз иккиланиш, тайсаллаш бор эди. Ёзганим билан қаерда чиқараман? Чиқарганимдан сўнг уни кимга сотаман? Ҳозирги кунда сенинг китобинг кимга керак? Ана шундай кўпдан-кўп саволлар кўнглимни ғаш қилиб, йўлимда кўринмас тўсиқ бўлиб турган эди-да, дўстим. Мана, энди бу саволларнинг ҳаммаси ечилди, ечилди! Кечанинг ўзида ишга киришдим, Худо хоҳласа, ҳадемай ёзиб битираман! Ёзувчининг дардини тушуниб, унга мадад бўлган раҳбар кам бўлмайди, Президентимизга раҳмат, кам бўлмасинлар!”

Бу сўзлар фақат ўша ҳамкасбимнинг эмас, балки юртимиздаги минг-минглаб ижодкорлар, китобхонларимизнинг ҳам кўнглидаги гап эди, десам адашмаган бўламан.

Биз — адабиёт аҳли “Ватанга бахшида умр” деган иборани кўп ишлатамиз. Шундай сарлавҳа билан мақолалар, китоблар ёзганмиз. Албатта, муқаддас Ўзбекистон заминида яшаб, унинг тупроғи, суви ва ҳавосидан, элу юртимизнинг чексиз меҳридан баҳраманд бўлган ҳар қандай онгли инсон ўз ҳаёти, умрининг ҳеч бўлмаса бир қисми, кичик бир заррасини шундай неъматлар шукронаси учун бахшида этади.

Бу — ҳақиқат.

Айни вақтда элу юртнинг бутун тақдири, бахти ва келажаги учун тоғдек залворли масъулиятни зиммасига олган халқ етакчилари ўз умри, ҳаётини кечаю кундуз бедор ва беҳаловат ўтказиб, Биринчи Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” китобида таъкидлаб айтганидек, заррама-зарра, томчи ва томчи шу улуғ мақсадларга бағишлаб яшайдилар.

Бу ҳам ҳақиқат.

Айни шу нуқтаи назардан қараганда, Биринчи Президентимиз ­Ислом Каримовнинг ҳаёти, фаолияти том маънода Ватанга бахшида умр сифатида ҳақиқатан ҳам барчамиз учун олий ибрат намунаси бўлиб қолади.

Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири
Манба: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси сайти. www.ijod.uz

Ellikqala.uz: хабар ва янгиликларни Telegram'да кузатиб боринг
  • Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт! Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.
  • Элликқалъа тумани, Ш.Рашидов кўчаси 3-уй
  • Телефон: (361) 585-20-29
  • Электрон почта: info@ellikqala.uz