Қўш соҳил булбули

18.04.2017


Қўш соҳил булбули

“Амударёнинг нариёғида тенгдошларидан ўзининг худо берган истеъдоди, ширали овози билан ажралиб турадиган, талантда тенги йўқ бир йигит бор. Санъат бўстонининг эртанги булбулиям, фахриям ўша йигит бўлади. Унинг овозида имконият чексиз-чегарасиз”. Бу эътироф машҳур санъаткор Комилжон Отаниёзов томонидан 1970 йилда айтилган. Комилжон ака Амударёнинг нариги томонида деганида, тўрткўллик Отажон Худойшукуровни айтган эканлар.

Устозининг башорати ўнгидан келди. Отажон Худойшукуров 50 йилгина (1944-1994) ҳаёт кечирган бўлса-да, тириклигидаёқ афсонага айланган санъаткор эди. У Ўзбекистон, Туркманистон, Қорақалпоғистон, Татаристон халқ артисти каби унвонларга сазовор бўлди. Бир умр туғилган гўшаси Тўрткўлда ижод қилиб, қишлоқда яшаб ҳам дунёга довруқ таратмоқ мумкинлигини исботлай олди. Яъни ғарбда кенг тарқалган “истеъдодлар қишлоқда туғилиб Парижда вафот этишади”, деган ақиданинг нотўғрилигини ўз ҳаёти мисолида исботлаб берди.
Хоразмнинг Ҳазорасп туманида Ос овули (ҳозирда Боғот туманининг Деҳқонобод қишлоғига қарашли) мавжуд. Маълумки, Ос Хоразмда милоднинг бошларида яшаб, кейинчалик ҳозирги Осетияга кўчган уруғ номидир. Ос элатида “тақир” лақабли кишилар яшашган. Отажон Худойшукуровнинг бобосини “ос” лақаби билан аташган. Тоғаси Йўлдош акани эса Йўлдош “тақир” лақаби билан аташган.
ХХ асрнинг биринчи чорагида тақдир сабаб улар дарёнинг нариги соҳили-Тўрткўлга кўчишган. Отажон ака шу тариқа 1944 йилнинг 4 октябрида Тўрткўлда таваллуд топганди. Болалигида мактабида, кейин эса туман ва Қорақалпоғистон бўйича ўтказилган турли тадбирларда иштирок этиб, ҳали ёшлигидаёқ элга танилган ҳофиз бўлиб етишди. Шу боисдан уни 19 ёшидаёқ Бердақ номли Қорақалпоғистон давлат филармониясига ишга қабул қилишди. 1972-90 йилларда филармонияга қарашли “Аму тўлқинлари” ансамблини ташкил этиб, унга бадиий раҳбарлик қилди.

1960 йилларда Отажоннинг тоғаси Йўлдош ака унга илк устозлик қилиб, тўйларда ёнида олиб юрди. Санъатга ихлоси катта бўлган ўспирин дастлаб доира, сўнгра рубоб чалиб ўзиям қўшиқлар айта бошлади. Тоғаси Йўлдош Оллашукуровнинг дўсти, машҳур ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг Отажондаги санъатдаги бўлган ихлосини пайқаб, уни шогирдликка олиши эса Тўрткўллик йигитча учун парвоз майдони вазифасини ўтади.

14 ёшидан Тўрткўл, Нукус ва Тошкентда ўтказилган турли тадбирлар, эл-юртдаги тўй, ҳосил байрамларида қатнашиб юрган Отажонни ТВ орқали Қуйи Амударё бўйларига танитган инсон эса, шоир Ошиқ Эркин бўлди. 1964 йилнинг куз кунларидан бирида Урганчлик телеоператор Ғанижон Дўстжоновнинг уйида пахмоқ қошли, истараси иссиқ Отажон билан танишиб, унинг қўшиқлари ғоятда завқланади. Шундан сўнг Ошиқ Эркин 1965 йилнинг кузида “Қўш соҳил булбули” номли кўрсатув тайёрлаб намойиш этганидан сўнг Отажон Худойшукуров номи нафақат Тўрткўл ва Хоразм, балки Хоразм ТВсини кўрадиган Туркманистонга ҳам маълум-у машҳур бўлди. Отажонни машҳур қилган фақат юксак ижрочилик маҳорати, санъатга бахшийда қалби эмас, балки одамгарчилик дея аталмиш инсонийлиги, эл дардига бефарқ эмаслиги, дўстликка садоқати эди.

1992-96 йилларда Хоразм вилоятига ҳокимлик қилган, тарих, фан ва маданият, санъатга ихлос қўйган Маркс Жуманиёзов (1938-2012) ҳофиз билан боғлиқ ёшлигида рўй берган бир воқеани гапириб берганди:
-Отажон Худойшукуров билан қай тариқа дўстлашиб қолганимиз, ўртамиздаги жонга туташиб кетган оға-инилик туйғуси нима сабабдан бунчалик юксак мақомга кўтарилганини тушунтириб бериш учун гапни бир оз узоқроқдан… нақ ота-боболаримиз ҳаётидан бошлашим керак шекилли. Келинг, мана шу узун тарихни қисқача изоҳлаб ўтай.

Меним туғилиб ўсган масканим –Янгибозор туманининг энг чекка бир қишлоғи-Шовот каналининг берги қирғоғида, Эшонлар деб номланадиган табаррук тупроқда жойлашган. Бу тупроқда кўп улуғ инсонлар туғилиб вояга етган, яшаб ўтган, меҳнатлари, истеъдодлари, ақл-тафаккурлари ила халққа хизмат қилганлар. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Эшонлар қишлоғидан сал нарироқда улуғ мутасаввуф аллома, улкан дин арбоби Хўжа Юсуф Ҳамадоний бобомизнинг муқаддас мақбаралари бор. Ана энди, қишлоғимиздан оқиб ўтган Шовот каналининг нариги қирғоғида-машҳур ҳофизимиз Комилжон Отаниёзов туғилган Бўйрачи қишлоғи бор. Агар мана шу ўртадаги канални ҳисобга олмаганда Комилжон оға билан бир қишлоқда туғилганмиз десам ҳам бўлаверади. Хуллас, мана шу табаррук тупроқда не-не оташнафас ҳофизлару, не-не оташин шоирлар, не-не ақл-заковат эгалари, уламою киборо, охунду отинойилар етишиб чиқмаган дейсиз.

1965 йил бўлса керак, бир куни Ғанижон ака Дўстжоновнинг уйига бориб қолдим. Олти-етти меҳмони бор, шулар олдида ёшгина йигитни қўшиқ айтдириб қўйган экан. Мен ҳам даврага қўшилиб, қўшиқ эшита бошладим. Қарасам, ҳалиги йигит шундай бир ширин, жарангдор овозда қўшиқ айтаяпти экан, қўяверасиз, бунақасини эшитиб кўрмаганман. Ҳалиги йигит мақомдан мақомга, қўшиқдан қўшиққа ўтаверди. Назаримда овози ҳам борган сари очилиб бораётгандай эди. Мен шу ерда бу беқиёс овоз соҳибига мафтун бўлиб қолдим. Бир танаффус чоғи Ғанижон акадан шивирлаб сўрадим:

-Бу қўшиқчи йигит ким бўлди? Ғанижон ака ҳайрон бўлиб қолди:
-Ҳов, сизни Тошкентда шунча йил ўқиб, шунча артист-ашулачиларни тинглаб юрган йигитми десам, ростдан танимайсизми?
-Ростдан танимайман, кўрган ҳам эмасман, бунақа овозни эшитган ҳам эмасман!…
-Ҳов..ҳов..иби-ий..-баттар ҳайрон бўлди Ғанижон ака,-Ошиқ Эркин “Қўш соҳил булбули” деган кўрсатув тайёрлаган бу ҳақда, энди ёдингизга тушдими?
-Йўқ,-дедим ўзим ҳайрон бўлиб,-ўша кўрсатувни ҳам кўрмаганман. Айтаяпман-ку биринчи марта эшитишим деб.
-Ҳеч бўлмаса, номини эшитгандирсиз Отажон Худойшукуров деб..
-Номиниям биринчи марта, мана сиздан эшитиб туришим!
-Ола-а!..

Хуллас, Отажон билан биринчи кўришувимиз ҳам, танишувимиз ҳам шу тариқа бошланди. Мен шунча санъатга қизиқиб, шунча машҳур-номашҳур ҳофизларни тинглаб, ўзимни санъат ва адабиётнинг билимдони деб юраверибман-у,(Марк ака Тошкент қишлоқ хўжалигини ирриациялаш ва механизациялаш инженерлари институтини тугатган, муҳандис бўлиб, воқеа рўй берган вақтлари Гурлан туман машина трактор паркида бошлиқ бўлиб ишлаб юрганди-У.Б.) шундоққина дарёнинг нариги қирғоғида бир улуғ хазина-Отажон Худойшукуров номли ҳофиз борлигидан мутлақо бехабар юрган эканман. Энг қизиғи, ҳали йигирмадан энди ошган бу ёш ҳофиз ўн йиллардан буён Амударёнинг қўш соҳилида қўшиқ айтиб юриб, халқ ўртасида анча-мунча шуҳрат ҳам қозонган экан…
Отажон билан биринчи кўришувимиз шу тариқа бўлиб ўтган эди. Шундан кейин борди-келдилар бошланди, тўй бўлса, зиёфат бўлса чақирамиз-келади. Тўйи, зиёфати бўлса, чақиради-борамиз. Шундай кунларнинг бирида ҳаётимда бир унитилмас воқеа бўлди-ю, Отажон билан борди-келдимиз мустаҳкам дўстликка, ўртадаги меҳр-оқибат эса қиёматли қондош-жондошликка айланиб кетди. Бунинг тафсилоти қуйидагича.

1967 йил бўлса керак, қиш ойлари эди, мен қаттиқ касалланиб қолдим. Шундай қаттиқ оғридимки, хуллас ўладиган бўлиб, кўрпа ёстиқ тортиб, қариндош уруғлар билан рози-ризолик айтишиб ётибман энди. Хаёлимда бугун-охирги кун мен учун, эртаси куни-тамом, йўқман, ўламан. Мана шу лаҳзаларда нени кўрсанг-кўриб қолганинг, кимнинг сўзини тингласанг-эшитиб қолганинг. Айтаяпман-ку, охирги кун, охирги куним… Бир пайт қарасам, биров кулиб турибди тепамда. Отажон!
-Ассалому алайкум, ёшулли!-дойди тиржайиб.-Бир кўриб, зиёратлаб кетайлик деб келган эдик, бу…на ётиш?
-Шундай-шундай-шундай,-дедим ётган жойимда овозим синиб. Қўлини узатди. Мен ҳам кўрпадан мана шунчагина қилиб, билагимгача чиқариб, кўришганимиз ёдимда бор.-Кетаяпмиз, жўра…
-Нера гетасиз-ай, ёшулли, ман галдим, сизни ҳеч ёққа юбормайман!
-Йўқ, Отажон, бугун-охирги куним. Ҳамма билан видолашиб чиқдим. Сенинг келганинг яхши бўлди, жўра, рози бўл…
-Йўқ,-дейди Отажон баттар ўчакишиб.-Рози эмасман.Сизни олиб қоламан. Гетмийсиз!
-Ахир аҳволимни ўзим биламан. Ўрнимдан туролмайман. Ҳамма билан хайр-хўшлашганман…
-Йўқ, Гетмийсиз! Ўрнингиздан турасиз! Сиз ўрнингиздан турмагунча, мен ина шу бу ерда ўтиравераман…
-Ўтирсанг ўтир!—дедим ман ҳам.
Отажон ҳам ўтираверди. Мен ҳам ётавердим. Бир пайтлари Отажон ўтириб-ўтириб зерикди. Уйда болаларнинг тинғирлатиб юрадиган рубоби бор эди, шуни топиб келди бу. Ўзи билан ўзи тинғирлатди, ашула айтди. Орасида мендан:
-Турасизми, ёшулли?-деб сўраб қўяди.
-Йўқ,-дейман минғирлаб,-Мен бугун нариги дунёга кетаман…
-Гетмийсиз! Юбормайман!
Яна тинғир-тинғир, яна ашула.
Бир вақт Отажон уйдаги телефонни топиб олиб аллақайларга телефон қилабошлади, торини олиб келишни илтимос қилдими, кўп ўтмай уйга машина келиб кетгани, аллакимлар энди ансамбл бўлиб қўшиқ бошлаётгани эшитилди. Мен ётавердим, айтаяпман-ку, ўлимни кутиб ётардим деб.
Алқисса,Отажон шу куни кетмади. Эртасига ҳам кетмади-қўшиқ айтиб ўтираверди. Мен ётган жойимда ўйланаман: буни менга худо юборди, охирги кунларини қўшиқ оҳанглари остида ўтказсин деган, йўқса бу ҳолни қанақа изоҳлаш мумкин, ахир, видолашиб ётган бир одам бўлсам, ахир, мана, ётибман-ку…
Отажон қўшиқ айтаверди, мен ана кетдим-мана кетдим бўлиб ётибман.
-Туринг энди оға!-дейди қўшиқ орасида.
-Туролмайман, Ота..
-Бўлмаса, қўшиқ айтаверамиз-данг..

Шундай қилиб, келган куни, кечаси, эртасига ҳам Отажон уйда қўшиқ айтди! Кетмади! Мен ҳам кетмадим…нариги дунёга! Яратгандан бир каромат ҳосил бўлдими-эртаси куни мен ўрнимдан турдим! Туриб ўтирдим, меҳмонларнинг олдига чиқдим, қўйингки, мен ажалнинг оғзидан қайтиб келдим! Мана шу одамлар, ана шу қўшиқлар, уларнинг сеҳрли наволари боис, мен ёруғ оламга қайта келдим” Мўъжиза рўй берди, дейверинг…

Ана шу воқеадан кейин орамиздаги меҳр-оқибат ўчмас –йитмас туйғуларга , борди-келдиларимиз эса жонажон дўстликка айланиб кетди.
Энди Отажоннинг шахсий фазилатлари ҳақида айтадиган бўлсам, у инсон сифатида ниҳоятда ажойиб, мағрур, ўта истеъдодли бир одам эди. Бу йигит Омон Матжонни яхши кўрарди, Омон ҳам бунинг истеъдодини қадрлар, иккови ниҳоятда қалин дўст эдилар. Халқимизнинг бу икки улуғ фарзандини бирга, ёнма-ён кўрганда, биз ҳам қувонардик.
Ҳаёт шундай эканки, пайти бўлди-Отажондан қўшиқлар тинглаб завқландик, шундай истеъдодни берганига қувониб, Оллоҳга шукроналар айтдик. Пайти бўлди-Отажонни ардоқладик, унинг истеъдодини юзага чиқариш учун, камолга етказиш учун курашдик ҳам.Пайти бўлди-уни уришиб-койидик ҳам.

Бир куни уни енгил-елпи қўшиқларни кўп айтишда айблаб, қуйидаги бир ривоятга ўхшаш гапни ҳазил-ҳузул билан айтиб берганим ёдимда:
-Худо таоло ўзи вақти-вақти билан Жаброил фариштасини заминга юбориб, ноёб инъомини -истеъдод учқунларини халқларга, эл-элатларга сочиб-сочиб турар экан. Шунинг учун ҳам ҳар эллик йилдами, юз йилдами халқларнинг ичидан турли хил истеъдодли одамлар пайдо бўладилар… Шундай бир инъом кечаларининг бирида Жабройил фаришта Хоразм заминига келиб айланиб юрганида, сенинг ота-онанг ухламай, шивирлашиб ўтирган бўлса керакки, шу улуғ неъмат уларга насиб қилган, натижада сен туғилгансан,-дедим Отажонга. У меним гапларимни диққат билан тинглаб ўтирарди. Мен давом этдим. -Энди сен шу олий-илоҳий неъматга эга экансан, истеъдодингни асраб-авайлаб, камолга етказишинг керак… Енгил-елпи қўшиқларни айтаверма, халқингнинг маънавиятига хизмат қиладиган, юз йиллардан кейин ҳам номингни ёдга солиб, номингни порлатиб турадиган қўшиқлар айт. Ахир бу истеъдод, бу қудратли овоз сенга берилгани билан, у сеники эмас,у-халқники. Халқинг учун куйламасанг, халқинг учун хизмат қилмасанг, халқинг учун яшамасанг, истеъдодингни енгил-елпи нарсаларга, ҳою-ҳавасларга сарфлаб юборсанг-бунинг уволи тутади, жавоби бор ҳали, “сенга шунча истеъдодни нима учун берган эдим?” деган савол бўлади ҳали олдда.

Отажон бу гапларни ҳаяжонланиб тинглаб ўтирди. Худога шукур, у ўзидаги нодир истеъдодни тўла камолга етказди, эллик йиллик шиддатли ҳаёти мобайнида халқига беминнат хизмат қилди, ўзининг бор қобилиятини, қудратли овозини халқига бахшида қилиб ўтди. Мана биз бугун: “Отажон йўқ, комилжон ака йўқ, ёш кетишди бечоралар” деб қийналиб юрамиз. Ҳолбуки, Отажон ҳам, Комилжон ака ҳам ёш кетгани йўқ-улар ўзининг эллик-олтмиш йиллик умри мобайнида Гўрўғлининг ёшини (120 ёшни) яшаб кетишди.
Ҳа, Mаркс ака айтганларидек Отажон Худойшукуров 50 йиллик умри давомида, Хоразм қўшиқларининг моҳир ижрочиси сифатида элга танилиб, 1000дан зиёд қўшиқ ижро қилди.”Феруз” туркумидаги ашулаларга ўзгача жило бахш этди.”Кажҳанг” , “Якпарда”, “Қўшпарда” ,”Чапандози” ва “Она сувора”ларни қойилмақом ижро қилиб, шуҳрат қозонди.
Албатта, бундай мавқега эришишнинг ўзи бўлмади. Ижодга меҳри, санъатга юксак ихлоси, ваъдага вафоси билангина у Отажон Худойшукуров бўлиб етишди.

Шоир Ошиқ Эркин дўсти билан боғлиқ саргузаштли воқеани эслаб, шуларни ҳикоя қилади: “Ўзбекистон радиосида ишлардим. Отажоннинг қўшиқларини ёзиб олиш учун вақтни белгилаб, студияни тахт қилиб қўйдик. Аксига олиб ҳофиз Тўрткўлдан Тошкентга етиб келадиган куни ҳаво ёмонлигидан самолёт уча олмай қолди. Аммо Отажон Тўрткўлдан такси билан Нукусга, ундан Гурьевга, Гурьевдан Қарағандага, Қарағандадан Чимкентга, Чимкентдан Тошкентга-студияга белгиланган соатда етиб келди”.

Бу воқеа кўпчилик бугунги санъатга кириб келаётган ёшларга ибрат бўлса арзийди, албатта. Ҳаёт йўлларида санъаткорлар учун ана шундай ибратона ижод қилган ҳофиз тўғрисида марҳум шоир Матназар Абдулҳаким шундай дегандилар:
—Отажон оғанинг вафотидан анча илгари унинг автоаварияга тушиб, ҳалок бўлганлиги тўғрисида миш-миш тарқалди. Буюк одамлардан пасткашлик ана шундай тарзда ўч олиб юради, ўзи.Ўзининг қабиҳлиги, буюкнинг буюклиги учун. Аслида суюкли ҳофизимиз енгилгина жароҳат олиб, бир неча кунга касалхонага жойлашган экан. Ҳам жароҳат олган муҳтарам Ҳофизнинг ҳолидан хабар олиш, ҳам бир телевизион лавҳа тайёрлаб, шов-шувларга чек қўйиш учун, ёзувчи ва журналист дўстим Шуҳрат Маткарим билан касалхонага, Отажон оғанинг палатасига кириб бордик. Довруқли ҳофиз бир неча кун олдин ўлган “ўлими”дан мутлақо хабарсиз, маза қилиб янги бир қўшиғини хиргойи қилиб ўтирар эди. Ҳол-аҳвол сўрашдик, ҳазил-мутойиба қилдик,ҳеч гапдан хабарсиз кишилардек, ихчам бир кўрсатув тайёрлаб, эфирга узатдик…

Барибир, одам осмонга устун бўла олмас экан. Бироқ Отажон Худойшукуровдан осмонга устун бўлгулик қўшиқлар қолди. Шу боисданми, уни ўйласам, ана шу қалбаки ўлим ёдимга тушаверади… Ҳозир ҳам Норинжон Бобо томонларда , ўз ўлимларидан хабарсиз, ўзининг буюк қўшиқларини астойдил ва бамайлихотир куйлаётгандек. Матназар ака ўзининг “Автобус ҳақида баллада”си айнан Отажон Худойшукуров санъати, ашулаларининг умрибоқийлиги, шундан келиб чиқиб олам ва одам тўғрисида фикр юритгандилар:

…Келаётир эди Хазораспдан жим,
Тирбанд автобусда ҳорғин, асабий.
Худди бу тирбандлик, тўпалон учун,
Бошқалар олдимда гуноҳкор каби.

Кимдир сўкинарди, нўноқ киссавур,
Чўнтагига қўшиб танин кесгандек.
Ҳар бир янги бекат биз учун жавр,
Ҳар янги ҳамроҳдан роса безгандик.

Автобус ойнаси диққинафасдан,
Ботганди кўзёшдек-кўзёшдек терга.
Аёвсиз бир қарғиш лаҳза тинмасдан,
Кимнидир топтарди тенг қилиб ерга.

Билмадим, гуноҳи не эди унинг,
Ҳеч ким ҳам ҳеч кимнинг айбин билмасди.
Шу пайт битта йигит магнитофоннинг,
“Чирқ” эткизиб ногоҳ тугмасин босди.

Қоронғу дилларни ёритиб бирдан,
Жаранглай бошлади нурафшон сўзлар.
Аланглаб турди-да бундай сеҳрдан,
Мўлтираб қолдилар ўқрайган кўзлар.

Хонанда чекарди кассетада оҳ,
Кимнингдир кимгадир зорлиги учун.
Юракдан ҳайқириб қувонарди гоҳ,
Бировнинг дунёда борлиги учун.

Илғаб ҳар бир сўздан қутлуғ зиёни,
Кўзларини очди бир парча воҳа.
Ҳар юракда пинҳон минг бир дунёни,
Ёритиб юборди Отажон оға.

Сароб йўқолгандек шу бир нафасда,
Кетди андуҳларни янгроқ куй олиб.
Боя маймунлардек эдик қафасда,
Энди-чи, турардик мулзам, уялиб.

Йигитни индамай тушундик бизлар,
Билдик ғамимизни еганлигини.
Англадик, дунёда мусаффо ҳислар,
Абадий барқарор эканлигини.

Йигит бир бекатда тушиб қолган сўнг,
Бир-бировга боқиб жим ўйга толдик.
Энг бахтли туш бирдан келган каби ўнг,
Машина кенг экан-биз пайқаб қолдик.

Эсладик ҳамиша шодланганмиз-ку,
Кимнингдир бизларга зорлиги учун.
Ҳозир ҳам сафарга отланганмиз-ку,
Кимнингдир дунёда борлиги учун.

Шундан бери мени қийнар ўзга ҳол,
Ўзга уқубатдан юрагим ғам ер.
Баъзан ҳаволаниб гар сурсам хаёл,
Ўша автобусга менгзаб кетар Ер.

Тўғри, сайёрамиз ҳудудсиз, лекин,
Кўнгиллар торликдан унда мотамлар.
Офтоб бепул, ҳаво бўлмаса текин,
Қирилиб кетгудек шўрлик одамлар.

Бир чимдим тупроққа кўзи тўйгувчи,
Юҳофеъллар ҳамон яшар қалашиб.
Ўз ўрнин эплашга етмас-ку кучи,
Чанг солар ўзганинг ерин талашиб.

Ғаддор режалардан турмасак огоҳ,
Ер ҳам бир тугмага боғлиқ тақдир-ку.
Тугмани мен боссам…янграса ногоҳ,
Бомбалар ўрнига меҳрбахш бир куй.

Англасалар ҳамма беизоҳ,бешарҳ,
Менинг кўнглимдаги орзуни ҳам жим..
Ахир, она замин яшар, уриб чарх,
Одамнинг одамга зорлиги учун.

..Ўз ижроси билан минглаб, миллионлаб кўнгилларга малҳам берган, бераётган ҳофиз 1994 йилнинг 23 декабрида вафот этди. Аммо Отажон Худойшукров маънан барҳаёт. Буюк санъаткор вафотидан сўнг, Қорақалпоғистондаги Элликқаъла тумани ҳокимлиги ташаббуси билан миллий қадриятларни тиклаш, халқлар ўртасида маданий дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшиқчиликни санъатини янада ривожлантириш мақсадида 1999 йили Халқаро Отажон Худойшукуров жамғармаси ташкил этилганди.
Жамғарма ўтган вақт мобайнида, ҳар икки йилда бир марта Отажон Худойшукуров хотирасига бағишлаб, “Қамбарнинг олтин сози” номли хонандалар кўрик-танлови ўтказилмоқда. Шунингдек, республикамизнинг етук шоирлари ва иқтидорли ёшлар иштирокида анъанавий равишда туманда “Ақчакўл илҳомлари” ижодкорлар анжумани ўтказилиб келинмоқда. Жамғарма шу каби Элликқаъла тарихи ва бугунги кунига бағишлаб учта рангли альбом, “Элликқаъла наволари”, “Қўш соҳил булбули” китобларини нашр этди. Жамғарма яна марҳум ҳофиз табиатига мос тарзда савобли ишларниям давом этдириб, олий ўқув юртлари ва коллежларда ўқиётган ортиқ кам таъминланган талабаларга шартнома тўловларини тўлашда ёрдам бериб, ўнлаб ёрдамга муҳтож оилаларга хайр-саховат кўрсатди.

Энг асосийси Отажон Худойшукуров яратган қўшиқлар барҳаёт, шогирдлари, издошлари унинг санъатини давом этдирмоқда.

ОМОН МАТЖОН. Отажон Худойшукуровга бағишловлар

УЧИНЧИ ДАРЁ
Отажон Худойшукровга

Гоҳи мен Сирдарё сайлига борсам,
Кўнглимга келади қизиқ бир туйғу:
Гўё шу яқин бир жойдан ўтгандай
Сирдарёдан кўра каттароқ бир сув!

Шу ҳолга тушаман Хоразмда ҳам,
Буюк Амударё бўйида туриб.
Гўё Жайҳундан ҳам баҳайбат наҳр
Яқингина жойда оқар ўкириб.

Бу нима?
Кўринмас қандай оқим бу?
Ерданми, кўкданми келар бу садо?!
Наҳот тупроғимда кўзга ташланмай
Оқиб ётар улуғ учинчи дарё?!

Билмадим,
Мени кўп таъқиб этади
Шу сирли акс-садо,шу илоҳий ун!
Жуда юксак бўлар Руҳим шу кезлар,
Вужудим заминга жудаям яқин…

ОТАЖОННИ ЭСЛАБ…

Оққан дарё тиндими,
Олтин торинг синдими,
Отга бошқа миндими,
Ўртадаги дўст қани?!

Қайиқ қумга урилди,
Аср зумга урилди,
Юрак симга урилди,
Ўртадаги дўст қани?!

Фано,бақо не ишдир,
Бир-бировни ейишдир,
Изиндан воҳ дейишдир,
Ўртадаги дўст қани?

Икки дарё ораси,
Уч юз олтмиш қаъласи,
Излар ҳофиз ноласин,
Ўртадаги дўст қани?!

Умид Бекмуҳаммад
Манба: xorazmiy.uz

Ellikqala.uz: хабар ва янгиликларни Telegram'да кузатиб боринг
  • Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт! Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.
  • Элликқалъа тумани, Ш.Рашидов кўчаси 3-уй
  • Телефон: (361) 585-20-29
  • Электрон почта: info@ellikqala.uz