Ортдаги излар

Ортдаги излар


Ётар эди бир одам,
Дардларига қоришиб.
Тўшак тортиб хасталаниб,
Ўлим билан олишиб.
Ёнар эди юраги,
Кўзлари ҳам чўғ эди.
Ажал ҳаргиз эшик қоқар,
Жон бергиси йўқ эди.
Оғир-оғир нафас олиб,
Боқар эди оламга.
Дард вужудин кемирарди,
Солиб минг бир мақомга.
Йиғлай-йиғлай ахийри,
Кетди шўрлик уйқуга.
Тушида бир фаришта,
Деди келиб ёнига.
-Кичрайибди жуссаларинг
Дард букибди қаддингни,
Тезроқ тугаб умр кунинг
Топшир омонатингни.
Чўчиб кетди одамзод,
Дукурлади юраги.
Соч қолиб энди бунда
Оқарганди суяги.
-Кимсан ўзи? Қайдан келдинг?
Недир мурод мақсадинг?
-Мен сени фариштангман
Наҳотки танимадинг?
Сен дунёга келган кун
Мен ортингдан келганман.
Сени мурғаклигингдан
Асраб авайлаганман.
Хавф келса ҳимоялаб
Соқчи бўлдим ўзинга,
Фақат чўчиб кетма деб
Кўринмасдим кўзинга.
Яхши ёмон кунингда
Бир ёнингда турардим,
Йиғлаганингда йиғлаб
Кулганингда кулардим.
Қилиб Хаққа илтижо
Гар қўл очсанг дуога,
Сенинг барча гапингни
Етказардим Худога.
Бир бора шукр десанг,
Минг бор айтди дер эдим.
Гар хатога йўл қўйсанг
Тавбанг бўлиб борардим.
Ёнмагин деб дўзахда
Қўрқиб Оллох қахридан,
Умринг бўйи асрадим
Сени шайтон макридан.
Энди кунинг оз қолди
Яқин қазар-қадаринг.
Сўнги манзил олдидан
Олай дедим хабаринг.
Сукут сақлаб одамзод,
Узоқ, теран, ўйланди.
Сўнг синчиков нигоҳ билан
Фариштага юзланди.
-Кимлигингни-ку билдим,
Фаришта экан зотинг.
Лекин айтган гапинга
Борми бирор исботинг?
Фаришта –деди кулиб,
-Узат менга қўлингни.
Хохласанг юр кўрсатай,
Ўтган умр йўлингни.
Шу тариқа фаришта,
Кўтарилди ҳавога.
Одамзотни етаклаб
Олиб чиқди самога.
Кўрсатиб бир сўқмоқни,
Бу ҳаёт йўлинг деди.
У йўлнинг ярми гул,
Ярми тиканзор эди.
Яна ўй сурди одам,
Нелар ўтди кўнгилдан.
Кўрса икки ҳил қадам
Юриб ўтган бу йўлдан.
Гап бошлади одамзот,
Шубхага тўлиб кўнгли
-Айтчи бу ерда нега
Икки одамнинг изи?
-Сабаб бордир ҳар ишда,-
Жавоб қилди фаришта.
-Бу сени шодон, хурсанд,
Бахтли ўтган кунларинг.
Мен ёнингда юрардим
Махкам тутиб қўлларинг.
Ўтган умр йўлингда
Кўрган бўлсанг неники
Ҳаммасига гувоҳман,
Хамроҳ излар меники.
Фаришта билан одам,
Кезар экан фалакни
Кузатди ўзи юрган
Ҳаёт деган йўлакни.
Қарасаки, шунча йил
Умри ёмон ўтмабди.
Энг муҳими фаришта
Уни ташлаб кетмабди.
Йўллар текис ва равон,
Гуллар ҳиди анқийди.
Бундай гўзал ҳаётдан
Рози кетса арзийди.
Шунда бирдан одамнинг
Ҳаёллари бўлинди.
Тиканзор йўлак узра,
Ёлғиз излар кўринди.
-Бу нима деди одам,
Фариштага қараркан.
-Бу ердан сенинг ғамгин,
Бахтсиз умринг бошланган.
Бу кунлардан сен оғир
Ташвишланиб ўтгансан,
Соғлигингни йўқотиб
Хасталаниб ётгансан.
Эплолмай ҳеч нимани
Қийналиб, ожизланиб,
Кўргинг келмай кимсани
Қолгандинг ёлғизланиб.
-Во-дариғо бу не ҳол,
Бу не ҳаёт бўлибди?
Мушкул кунимда мендан
Фариштам юз бурибди.
Ғазабга минди одам,
-Мақсадинга етдингми?
Мени шундай кунимда
Ёлғиз ташлаб кетдингми?
Шунда тўхтаб фаришта,
Олдига назар солди.
Билдики, йўл тугади
Манзилга етиб қолди.
Кейин у ҳам юзланиб
Шундай деди одамга.
-Сен билан овораман
Келибсан-ки оламга.
Эҳ сен, хом сут эмган зот,
Қўлга олгин ўзингни.
Дағдағангни бас қилиб,
Қара, очиб кўзингни.
Тўғри яхши кунингда
Мен ёнингда юрардим.
Куюнсанг суюнишга,
Сабаб топиб келардим.
Бироқ қолсанг дард чекиб,
Азобланиб, ўртаниб,
Юрдим, сени у кунлар
Қўлларимда кўтариб.
Ўтган ҳар бир кунинга
Шоҳидман ёлғиз ўзим
Кўзингни оч одамзот,
Бу менинг оёқ изим.
Умр йўли майли гул
Майли тиканзор бўлсин,
Билингки, инсон азиз
Соғ ёки бемор бўлсин.
Оқибат йўқолмасин
Қуёш мангу ботгунча
Асрайлик бир биримизни
То манзилга етгунча.

Ҳилола Файзуллаева

  • Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт! Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.
  • Элликқалъа тумани, Ш.Рашидов кўчаси 3-уй
  • Телефон: (361) 585-20-29
  • Электрон почта: info@ellikqala.uz